reforef.ru 1 2 3
БОБУРНОМА


Саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқеалари

Тангри таолонинг инояти ва коинот сарвари бўлган ҳазрат Расули акрамнинг шафоати, поккўнгил чаҳорёрларнинг ҳиммати билан сешанба куни, рамазон ойининг бешинчисида, саккиз юз тўқсон сқизинчи йили Фарғона вилоятига ўн икки ёшда подшоҳ бўлдим.

Фарғона вилояти бешинчи иқлимдадир. Шарқи Кошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг чегараси — тоғлар, шимолида илгарилар Олмолиқ, Олмоту ва Янги сингари шаҳарлар бўлган экан, уни китобларда Ўтрор деб ёзадилар, мўғул ва ўзбаклар юришлари туфайли ҳозирги пайтда бузилиб кетган, асло ободонлик асари қолмаган.

Кичик вилоятдир, ғалла ва меваси фаровон. Теварак-атрофи тоғлар билан ўралган. Ғарбий тарафида, яъни Самарқанд ва Хужанд томонида тоғ йуқ. Ушбу ёқдан бошқа ҳеч бир томондан қишда душман кела олмас. Сайҳун дарёси Хўжанд суви номида машҳур, у шарқу шимол тарафдан келиб, вилоятнинг ичи билан утиб, ғарб сари оқади; Хўжанднинг шимоли ва Фанокатнинг(ҳозир Шоҳрухия сифатида машҳур) жанубий тарафидан ўтиб, яна шимолга бурилиб, Туркистон сари боради. Туркистондан анча куйироқда бу дарё бутунлай қумга сингиб кетади, биронта дарега қўшилмайди.

Етти қасабаси (шаҳарчаси) бор: беши Сайҳун (Сирдарё) сувининг жануб тарафида, иккитаси шимол томонида. Жанубий тарафидаги шаҳарлардан бири — Андижон, ўртада жойлашган, Фарғона вилоятининг пойтахтидир. Ғалласи мўл, меваси кўп, қовун ва узуми яхши бўлади. Қовун пишиғида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг нош-вотисидан яхшироқ ношвоти(нок) бўлмас.

Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш (Шаҳрисабз) қўргонидан кейин бундан каттароқ қўрғон йўқ. Уч дарвозаси бор. Арки (подшоҳ саройи) жануб тарафида жойлашган. Шаҳарга тўққиз тарнов сув киради. Ажабки, бирор ердан ташқарига чиқмайди.

Қалъанинг теварак-атрофи — хандақ. Унинг ташқариси — тош тукилган катта кўчадир. Қалъанинг атроф-айланаси тамоман маҳаллалар билан қуршалган. Бу маҳаллалар билан қалъа оралиғи хандақ ёқасидаги катта кўчадир.


Ов қушлари ҳам кўп бўлади. Қирғовули беҳад семиз бўлади. Шундай ривоят қиладиларки, бир қирғовул гўштини тўрт киши еб тугатолмаган.

Эли туркдир(ўзбекдир). Шаҳар аҳолиси ва бозорга келувчилардан туркийни билмайдиган киши йўқ. Элининг тили адабий тилга мувофиқ. Шунинг учун ҳам Мир Алишер Навоийнинг асарлари, гарчанд Ҳирий (Ҳирот)да шуҳрат қозонган бўлсада, бу тил билан езилган.

Элининг орасида санъаткорлари кўп. Мусиқада машҳур Хожа Юсуф анди-жонликдир.

Ҳавосининг рутубати бор. Куз пайтлари халқ кўп безгакка чалинади.

Яна бири Ўш шаҳарчасидир. Андижоннинг шарққа мойилроқ шарқи жанубий тарафида. Андижондан тўрт йиғочлик йўлдир. Ҳавоси яхши, оқар суви мўл. Баҳори жуда яхши бўлади.

Ўшнинг фазилати ҳақида кўп овозалар бор. Қўрғонининг шарқи жанубида бир кўркам тоғ қад ростлаган, Барокўҳ деб номланади. Бу тоғнинг чўққисида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солган. У ҳужрадан қуйироқда, ушбу тоғнинг тумшуғида тўққиз юз иккинчи йили (1497) мен бир айвоили ҳужра солдирдим. Гарчи у ҳужра юксакроқда бўлсада, бу ҳужра ҳам кўп яхши жойда қад кўтарган: бутун шаҳар ва маҳаллалар шундайгина кўриниб туради.

Андижон сойи Ўш маҳаллалари ичидан ўтиб, Андижонга кириб боради. Бу сойнинг иккала томони ҳам боглар билан обод. Боғлар шундайгина сойга туташиб кетган. Бинафшаси беҳад нафис булади. Оқар сувлари бор, баҳори жуда яхши бўлади. Куп лола ва чечаклар очилади. Барокўҳ тогининг этагида — шаҳар билан тог орасида бир масжид қад кутарган, масжиди Жавзо номли. Тоғ тарафидан бир катта ариқ оқади. Ушбу мас-жиднинг ташқари саҳни нишаброқ, себаргалик, серсоя, сафолик майдондир. Ҳар мусофир ва ўткинчи ўша ерда истироҳат қилади. Ўш бебошларининг қалтис ҳазиллари буки: кимки у ерда ухласа, шу катта ариқдан унга сув сочадилар.

Умаршайх мирзо салтанатининг сўнг-ги пайтлари ушбу тоғдан қизил ва оқ товланадиган тош топилди: пичоқ дастаси, такбанд ва баъзи нарсалар қиладилар, анча яхши тошдир. Фарғона вилоятида ҳавоси тозаликда Ўш сингари шаҳар йўқ.


Яна бири Марғинондир. Андижоннинг ғарбида. Андижондан етти йиғочлик йўлда.

Яхши шаҳарча, неъматларга бой: анори ва ўриги жуда куп ва яхши. Бир нав анори булади: йирикдона, дейдилар, чучуклигидан бироз урик ширинлигича таъми бор. Самнон анорларидан юқори қўйса бўлади. Яна бир нав ўрик бўладики, данагини олиб, ичига мағиз солиб қуритадилар, буни субҳоний дейдилар, кўп лазиздир.

Ов қушлари яхши, оқ кийик шаҳарга яқин жойда топилади. Эли сорт(тожик)дир, мушти югурук ва сержанжал эл. Жангарилик Мовароуннаҳрда одатдир. Самарқанд ва Бухородаги номдор жангариларнинг аксари марғинонликдирлар.

„Ҳидоя" асари муаллифи Марғиноннинг Рушдон номли кентидандир.

Яна бири тоғ этагида жойлашган Исфарадир. Оқар сувлари, сафолик боғбоғчалари бор. Марғиноннинг ғарби-жанубидадир. Марғинон ва Исфара ораси тўққиз йиғочлик йўлдир. Мевали дарахтлари кўп, бироқ боғларида аксар бодом дарахти экилади. Халқининг барчаси сорт,форсий сўзлашади. Исфарадан бир шаръий масофада жануб томонида тепаликлар орасида бир йирик тош бор, уни „Санги ойина"(кўзгу тош) дейдилар. Узунлиги тахминан ўн қари келади, баландлиги баъзи ери одам бўйи, баъзи ери пастлиги киши белигача бў-либ, ойнадек ҳар нима акс этади.

Исфара вилояти тоғ этагидаги тўрт бўлукдан иборат: бири Исфара, бири Ворух, яна бири Сўх, яна бири Ҳушёр.

Муҳаммад Шайбонийхон Султон Маҳмудхон билан Олачахонга шикаст бериб, Тошканд ва Шоҳрухияни олган пайтда ушбу Сўх билан Ҳушёр тоғ этакларига келиб, бир йилга яқин муддатни қийинчиликда ўтказиб, Кобулга томон йулга тушдим.

Яна бири Хўжанддир, Андижондан ғарб томонга йигирма беш йиғочлик йўлда. Хўжанддан Самарқандга ҳам йигирма беш йигочлик йўл. Қадимий шаҳарлардан. Шайх Муслиҳиддин ва Хожа Камол Хўжанддандирлар.

Меваси мўл ва жуда яхши бўлади. Анори машҳурдир. Чунки „Самарқанд олмаси" ва „Хужанд анори" дейдилар. Бироқ бу тарихий санада Марғинон анори янада афзалдир.

Қўргони баланд ерда жойлашган. Сайҳун суви шимол томонидан оқади. Дарё қурғондан бир ўқ отими масофададир. Қўрғон билан дарёнинг шимол тарафида бир тог тушган, Мевағул номли. Бу тоғда феруза кони ва бошқа маъданли конлар топилади, дейишади. Бу тоғда илон кўп бўлади.


Хўжанднинг ҳайвон ва қуш овланадиган жойлари жуда қулай. Оқ кийик, бугу-марал, қирғовул ва еввойи қуён кўп бўлади. Ҳавоси жуда рутубатли: куз пайтлари безгак кўп тарқалади. Шундай ривоят қилдиларки, ҳатто чумчуқ ҳам безгакка чалинган экан. Ҳавосининг ноХушлиги шимолдаги тоғ туфайли эмиш.

Бунга тобе мавзелардан бири Кан-дибодомдир. Шаҳар деб бўлмайди-ю, аммо яхшигина шаҳарчадир. Бодоми яхши бўлади. Бу жиҳатдан шу исм билан номланган. Ҳурмуз ва Ҳиндистонга кўпроқ шу ернинг бодоми боради. Хў-жанддан беш-олти йиғоч шарқий тараф-дадир. Хўжанд ва Кандибодом орасида Ҳодарвеш номли бир дашт бор. Бу даштда ҳамиша шамол эсади. Бундан шарқ томонда бўлган Марғинонга ҳам шу ернинг шамоли боради. Хужанд бунинг ғарбида бўлиб, мудом бу ердан у ерга шамол эсади; қаттиқ шамоллари бор. Дерларки, бир неча дарвеш бу даштда қаттиқ шамолга йулиқиб, бир-бирларини тополмай, ,.Ҳо, дарвеш!" „Ҳо, дарвеш!" дея-дея ҳалок булганлар. Ўшандан бери бу даштни Ҳодарвеш дейдилар.

Сайҳун сувининг шимолий тарафидаги шаҳарлардан бири Ахсидир. Китоб-ларда Ахсикат деб ёзадилар. Чунончи, Асириддин шоирни Асириддини Ахси-катий дейдилар. Фаргонада Андижондан кейин бундан йирикроқ шаҳар йўқ.

Ахси Андижондан гарб сари тўққиз йигочлик йулда. Умаршайх мирзо буни пойтахт қилган эди. Сайҳун дарёси қўр-ғонининг пастидан оқади. Қўрғони баланд жар устида жойлашган. Хандақ ўрнида чуқур жарлар бор. Буни пойтахт қилган Умаршайх мирзо бир-икки маротаба ташқарироқдан яна жарлар қаздирди. Фарғонада бунчалик мустаҳкам қўрғон йуқ. Маҳаллалари қўргондан бир шаръий йироқроқда жойлашган. „Қишлоқ қаердаю, дарахтлар қаерда?" мақолини афтидан Ахси учун айтганлар.

Қовуни яхши бўлади. Бир нав қовунини „миртемурий" дейдилар, бун-дай қовуннинг бошқа жойда ҳам борлиги маълум эмас. Бухоро қовуни машҳурдир. Самарқандни олган пайтимда Ахсидан, Бухородан қовун келтириб, бир ўти-ришда сўйдирдим. Ахси қовунининг ҳеч мисли йўқ эди.

Овланадиган қушлари беҳад яхши бўлади. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи даштдан иборат. Оқ кийиги куп бўлади. Андижон тарафи тўқай; буғу-марал, қирговул ва ёввойи қуён кўп. Аксари жуда семиз бўлади.


Яна бири Косон. Ахсининг шимолида жойлашган кичикроқ шаҳарчадир. Анди-жонга сув Ўшдан келганидек, Ахсига сув Косондан келади. Ҳавоси яхши. Сафоли бог-боғчалари бор. Бироқ сафоли боғчалари бутунлай сой ёқасида бўлгани учун уни олди барра терили пўстинга ўхшатадилар. Хушҳаволикда Ўш билан Косоннинг ўхшашлиги бор.

Фаргона вилоятининг атроф-теварагидаги тогларда яхши яйловлар бор. Тобулғу шу тоғларда бўлади, бошқа ҳеч ерда бўлмайди. Тобулғу шундай бир бутасимон дарахтдирки, пўсти қизил, ундан ҳасса, қамчи дастаси, қушларга қафас қиладилар; йўниб камон ўқи ясай-дилар, анча яхши дарахтдир. Табаррук билиб йироқ юртларга олиб борадилар.

Баъзи китобларда „ябруҳ ус-санам шу тоғлардадир, деб ёзганлар. Бироқ бу муддатгача ҳеч кўрмадик. Бир гиёҳни Еттикент тоғларида бўлади, дейишади, номи „айиқўти" эмиш; меҳригиеҳ хоси-ятли, афтидан ўша меҳригиёҳдир, у эл бу ном билан айтади.

Бу тоғларда феруза ва темир конлари бўлади. Фарғона вилоятининг ҳосили билан, агар адолат қилсалар, уч-тўрт минг кишилик лашкар сақласа бўлади.

Умаршайх мирзо олийҳиммат ва улуғ орзули подшоҳ бўлгани учун ҳамиша унда бошқа мамлакатларни эгаллаш истаги бор эди; бир неча маротаба Самарқанд устига лашкар тортди: баъзи маҳал шикаст топди, баъзи маҳал умиди амалга ошмай қайтди. Бир неча маротаба қайнотаси Юнусхонни(Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойхон наслидан. Чиғатойхон юртида мўғул халқининг хони у пайт-ларда ўша эди. У менинг катта отам бўлади) илтимос қилиб келтирди. Ҳар гал чорлаганда вилоятлар берарди. Умаршайх мирзо кўнглидагидек бўлмагани учун гоҳо Умаршайх мирзонинг емон муносабатидан, гоҳо мўғул халқининг мухолифатидан вилоятда тура олмай, яна Мўғулистонга қайтиб кетар эди.

Охирги дафъа чақирган пайтида Тошкент вилояти Умаршайх мирзо тасарруфида эди (китобларда Шош, баъзан Чоч деб ёзадилар; „камони чочий" (Тошкент камони) ибораси шу туфай-лидир, унга берди. Ўша фурсатдан тўқ-қиз юз саккизинчи(1502) йилгача Тошкент ва Шоҳрухия вилояти Чиғатой хонларининг тасарруфида бўлди. Бу фурсатда мўгул улусининг хон ва султонлиги Юнусхоннинг катта ўғли — менинг тоғам Султон Маҳмудхонда эди. Умаршайх мирзонинг оғаси Самарқанд


подшоҳи Султон Аҳмад мирзо ва мўғул улусининг хони Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзонинг ёмон муомаласидан безор бўлганликларидан бир-бирлари билан иттифоқ тузиб, Султон Аҳмад мирзо Султон Маҳмудхонни ўзига куев қилиб, ўша йили Сайҳуннинг жануб томонидан Султон Аҳмад мирзо ва шимол тарафидан Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзо устига лашкар тортдилар. Бу аснода галати воқеа юз берди. Зикр этилганидек, Ахси қўрғони баланд жар устида жойлашган, иморатлари ҳам жар ёқасида эди. Ушбу йили душанба куни, рамазон ойининг тўртинчисида Умаршайх мирзо жардан кабутарлар ва кабутархонаси билан учиб, ҳалок бўлди. Уттиз тўққиз ёшда эди.

Таваллуди ва насл-насаби. Саккиз юз олтмишинчи (1455) йили Самарқандда тугилди. Султон Абусаид мирзонинг тўртинчи угли эди. Султон Аҳмад мирзо, Султон Муҳаммад мирзо, Султон Маҳмуд мирзодан кичик эди. Султон Абусаид мирзо Султон Муҳаммад мирзонинг ўгли эди. Султон Муҳаммад мирзо Мироншоҳ мирзонинг ўгли эди. Мироншоҳ мирзо Темурбекнинг учинчи ўгли эди. Умаршайх мирзо билан Жаҳонгир мирзодан кичик, Шоҳрух мирзодан катта эди.

Султон Абусаид мирзо аввал Кобулни Умаршайх мирзога бериб, Бобои Кобу-лийни бекота қилиб, жўнашга рухсат берганди. Мирзоларнинг суннат тўйи сабабли Дараи Газдан қайтариб, Самар-қандга келтиртирди. Тўйдан сўнг, Темурбек катта Умаршайх мирзога Фаргона вилоятини берганидек, Султон Абусаид мирзо ҳам ўғли Умаршайх мирзога Андижон вилоятини бериб, Худойберди Тугчи Темуртошни бекота қилиб юборди.

Шакл-шамойили: паст буйли, юмалоқ соқолли, саргиш юзли норғил киши эди. Тунни роса тор кияр эди. Шунчаликки, белбог боғлаганда қорнини ичига тортиб боглатар, боглагандан сўнг ўзини қўйиб юборса кўпинча боғлари узилиб кетарди. Киймоқ ва емоқда бетакаллуф эди. Саллани дасторпеч (махсус салла ўрайдиган киши) ўраб қўярди. У замонда саллалар бутун тўртурама бўларди. Текис чирмаб, учини осилтириб қўярдилар. Ёз пайтлари маҳкамадан бошқа ерларда аксар мўғулча бўрк киярди.

Феъл-атвори: ҳанафий мазҳабида, покиза эътиқодли киши эди. Беш вақт намозни тарк қилмасди. Умрий намоз қазоларини бутунлай тамомлаган эди. Аксар тиловат қилар эди. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳга мурид эди. Суҳбатларига кўп мушарраф бўлган, Хожа ҳам уни фарзанд дер эдилар.


Яхши саводи бор эди. „Хамсатайн" (Низомий Ганжавий ва Амир Хисрав Деҳлавий ,,Хамса"лари), достонлар ва тарихларни ўқир эди. Кўпинча „Шоҳнома" ўқир эди. Шеърий истеъдоди бор, бироқ шеър ёзишга қунт қилмасди.

Адолати шу даражада эдики, Андижоннинг шарқий тарафидаги тогларнинг пастида Хитойдан келаётган минг қорамоллик карвонни шундай қор босдики, икки киши қутулиб қолди, холос. Хабар топиб, одамларини юбориб карвоннинг ҳамма нарсаларини йигдирди. Ўша пайтда ворислари бўлмаганидан, эҳтиёт юзасидан сақлаб, бир-икки йилдан сўнг Самарқанд ва Хуросондан ворисларини суриштириб, топтириб келтириб, молларни эсон-омон топширди.

Гоят саховатли эди. Хулқи ҳам саховатича бор эди. Хушхулқ, ҳазилкаш, гапга чечан ва ширинсўз киши эди. Шижоатли ва мардона киши эди.

Икки маротаба жангда ўзи барча йигитларидан ўзиб қилич чопти: бир маротаба Ахси дарвозасида, яна бир маротаба Шоҳрухия дарвозасида. Уқни ўртача чоглиқ отар эди. Мушти жуда қаттиқ эди, унинг муштидан йиқилмаган йигит йўқдир. Юрт олиш дағдағаси туфайли анча ярашлар урушга ва дўстликлар душманликка айланарди.

Авваллари кўп ичарди, кейинчалик ҳафтада бир ёки икки марта ичадиган бўлди; хушсуҳбат киши эди. Бирор баҳона билан хўб шеърлар ўқирди. Кейинги пайтлари кўпроқ маъжун истеъмол қиларди. Маъжунийликда қалтис ҳаракатларга йўл қўяр, ҳазил-шўхликка ўч, ҳамиша нард ўйнар, гоҳо қимор ҳам ўйнарди.

Жанг ва урушлари. Уч маротаба саф тортиб уруш қилган. Аввал Юнусхон билан Андижоннинг шимол тарафи — Сайҳун даресининг еқасидаги Такасек-ретку деган ерда. Бундай номланишининг боиси шуки, тог этаги бўлганидан бу ерда

дарё шундай тор жойдан оқадики, ривоят қилишларича, у ердан така сакраб ўтган экан. Мағлуб бўлиб, қулга тушди. Юнусхон яхшилик қилиб вилоятига рухсат берди. Бу ерда уруш бўлгани учун „Така-секретку уруши" ул вилоят тарихида қолгандир.

Яна Самарқанд туманларини талонторож этиб келаётган ўзбаклар билан Туркистонда музлаган Арис сувини кечиб жанг қилиб, галаба қозонди; асирларни озод қилиб, молнинг ҳаммасини эгала-рига қайтариб бериб, ҳеч нима тамаъ қилмади.


Яна бир марта Султон Аҳмад мирзо билан Шоҳрухия ва Ўратепа орасида, Хавос деган кентда урушиб енгилди.

Вилоятлари. Отаси Фаргона вилоятини берган эди. Бир неча маротаба Тошкент ва Сайрам ҳам мирзонинг тасарруфида бўлди. Бу шаҳарларни унга акаси Султон Аҳмад мирзо берган эди. Шоҳрухияни фириб билан олиб, анча вақт фойдаланиб турди. Охирги чоғларда Тошкент ва Шоҳрухияни қўлдан чиқарган эди. Фарғона, Хўжанд ва Ўратепагина қолди. Ўратепанинг асл номини китобларда Усрушнадир, Усруш деб ҳам езадилар. Хўжандни баъзилар Фарғонага кирмайди, дейди.

Султон Аҳмад мирзо Тошкентга мўғуллар устига лашкар тортиб, Тошкентдан икки шаръий йўл наридаги Чир (Чирчиқ) сувининг ёқасида шикаст топди; Ўратепа Ҳофизбек дўлдой қулида эди, Умаршайх мирзога берди. Ўшандан кейин Ўратепа Умаршайх мирзо тасар-руфида бўлди.

Авлоди: мирзодан уч ўгил, беш қиз қолди. Бари ўглонларидан каттаси мен— Заҳириддин Муҳаммад Бобурман. Менинг онам — Қутлуғ Нигорхоним. Яна бир уғли Жаҳонгир мирзо мендан икки ёш кичик эди. Унинг онаси Фотима Султон мўғулнинг туман бекларидан бирининг қизи эди. Яна бир ўғли Носир мирзо бўлиб, унинг онаси андижонлик Умид исмли ғунчачи эди; у мендан тўрт ёш кичик эди.

Қизларидан каттаси Хонзодабегим мен билан бир онадан туғилганди, у мендан беш ёш катта эди. Мен Самарқандни иккинчи марта олганимда Шайбонийхондек киши билан Сарипулда чиқиб урушдим, имкон борича ғайрат ва шижоатда хато қилмадик (ҳали ўз вақтида бу ҳақда ёзилур), бироқ енгилиб, беш ой қалъадорлик қилдим. Қалъани сақлаш, уни мустаҳкамлаш ва сардорликда камчиликка йўл қўймадик.

Теварак-атрофдаги подшоҳу беклар ҳеч қандай мадад-кўмак бермадилар, руҳим тушиб, шаҳарни ташлаб чиқдим.

Ўша таҳликали тўполонда Хонзодабегим Муҳаммад Шайбонийхон қўлига тушганди. Бир ўғил кўрган эди. Исми Хуррамшоҳ, яхши ўғлон эди. Шайбонийхон унга Балх вилоятини берган эди. Отаси ўлгандан кейин бир-икки йил ўтгач, вафот этди. Шоҳ Исмоил ўзбак (шайбонийлар)ни Марвда мағлуб этганда Хонзодабегим Марвда эди. Менинг ҳурматим туфайли, у ердан узатдилар, Қундузда менга келиб қўшилди. Жудолик мудда-тига ўн йил бўлган эди. Мен ва Муҳаммадий кўкалдош икковимиз келдик, бегим ва бегимнинг ёнидагилар танимадилар. Исмимни айтганимда ҳам анча муддатдан сўнг танидилар.


Яна бир қизи Меҳрбонубегим эди. Носир мирзо билан бир онадан туғилган, мендан икки ёш катта эди.

Яна бир қизи Шаҳрбонубегим эди. У ҳам Носир мирзо билан бир туғишган бўлиб, мендан саккиз ёш кичик эди.

Яна бир қизи Ёдгор Султонбегим эди, унинг онаси Оға Султон исмли гунчачи эди.

Яна бир қизи Руқия Султонбегимнинг онаси Махдум Султонбегим эди, уни Қоракузбегим дердилар. Бу иккови мирзонинг вафотидан сўнг туғилдилар. Ёдгор Султонбегимни менинг улуғ онам Эсон Давлатбегим асраган эди. Шайбонийхон Андижон ва Ахсини олганда Ёдгор Султонбегим Ҳамза Султоннинг Абдуллатиф Султон исмли ўғлига тушган эди. Мен Ҳамза Султон бошлиқ султонларни Хатлон вилоятида босиб, Ҳисорни олганимда менга қўшилди. Ўша талотўп пайтида Руқия Султонбегим Жонибек Султонга тушганди, бир-икки ўгилли бўлди, бироқ болалари турмади. Яқинда хабар кел-дики, тангри раҳматига борибди.



следующая страница >>